ЎзМУ - БMTУ: ўзаро манфаатли ҳамкорлик сари


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  раислигида бўлиб ўтган  Олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ислоҳотлар қамровини ошириш, жумладан хорижий  мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма таълим дастурлари асосида  рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида фикрлар билдирилган эди.  Йиғилиш давомида давлатимиз раҳбари устувор вазифаларни асосийларидан бири қилиб, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш дея таъкидладилар.

Ҳар қандай ривожланиш мезонида  ўзаро тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масаласи туради. Бугун Олий таълим олдида турган долзарб вазифаларнинг  ижроси юзасидан    Ўзбекистон Миллий университети қатор ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Айни кунларда университет ректори профессор Ином Маджидов бошчилигидаги делегация  Белорусь давлатида бўлиб турибди. Аввал хабар берганимиздек, делегация ташрифидан мақсад Белорусь Миллий техника университети (бу ОТМ QS дунё рейтингида 295 ўринни эгаллаб турибди) билан  келишув ва ўзаро ҳамкорлик  шартномасини имзолаш ва уни амалга тадбиқ этишдан иборат. Бу дастур доирасида  ҳужжатлар расмийлаштиришнинг биринчи босқичи якунланди. Ином Маджидов бошчилигидаги ўзбекистонлик делегацияни БMTУ ректори Андрей Король бошчилигидаги жамоа ва университетнинг А.Д.Сахаров номидаги Халқаро давлат экология институти жамоаси вакиллари кутиб олишди.

Ташриф доирасида  Ўзбекистон, Белорусь ва Польша давлатларидаги ОТМлар ўртасида уч томонлама  шартнома тузиш ҳам режалаштирилган. Унда талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, ўзаро магистр ва докторантларни тайёрлаш, келажакда қўшма таълим дастурлари асосида ўқитишни йўлга қўйиш қайд этилган. Учрашувнинг биринчи кунида  халқаро рейтингларга кириш бўйича тажриба алмашиш,  ҳамкорликда илмий тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш масалалари бўйича муҳокамалар олиб борилди.

Ташрифнинг кейинги кунлари физика ва аэрокосмик йўналишларда тадқиқотлар олиб бориш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида мулоқотлар бўлиши кўзда тутилган.

Ташриф давом этмоқда...


ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura