ЭРКИН ВОҲИДОВ – ТИРИК САЙЁРА

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни  адабиёт иҳлосмандларининг севимли маскани – Адиблар ҳиёбони мажмуасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ташаббуси билан Эркин Воҳидов ижодий меросини кенг тарғиб қилиш, ёшларни адабиётга қизиқишларини янада ошириш, рағбатлантириш мақсадида “Атоқли адиб, Ўзбекистон қаҳрамони – Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди” га бағишланган “ЭРКИН ВОҲИДОВ – ТИРИК  САЙЁРА” номли илк бадиий, ҳужжатли фильм намойишига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда адабиёт соҳасининг йирик намоёндалари, фильм ижодкорлари, мутахассис олимлар ҳамда талаба-ёшлар фаол иштирок этишди.

Тадбирни  Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор Ином Маджидов очиб бераркан, “ЭРКИН ВОҲИДОВ-ТИРИК САЙЁРА” номли илк бадиий, ҳужжатли фильм тўғрисида фикр билдириб: “Бугун университет ҳаётида яна бир адабиёт, маърифат байрами бошланди. Гап шундаки, Сизларга ҳавола этиш арафасида турган “ЭРКИН ВОҲИДОВ-ТИРИК САЙЁРА” номли илк бадиий, ҳужжатли фильмни суръатга олишдан мақсад - адиб шахсини нафақат шоир-ижодкор, балки жамоат арбоби, юрт равнақи ва истиқболига камарбаста инсон сифатида ҳам қайта кашф этишдир”, —  деб таъкидлаб ўтдилар.

Шундан сўнг сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги Бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев,  Эркин Воҳидовнинг оила аъзолари, ЎзМУ ректорининг илмий-адабий маслаҳатчиси, профессор Ҳамидулла Болтабоев, “Эркин Воҳидов” ҳужжатли фильмининг сценарий муалифи, ёзувчи Ҳуршид Дўстмуҳаммад ҳамда фильмда иштирок этган актёрлар ўзбек шеъриятининг кўрки ва фахри бўлган шоир ҳақида суратга олинган мазкур хужжатли фильм ҳақида ўзларининг илиқ фикрларни билдириб, Ўзбекистон Миллий университетига самимий миннатдорчилигини билдиришди. Шунингдек, ушбу маънавий-маърифий кечада университет қошидаги “Дуторчи қизлар” ансамбли ва университет иқтидорли талабалари томонидан тайёрлаб келган бадиий чиқишлар барчага кўтаринки руҳ бағишлади.

Ушбу ҳужжатли фильм Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди ҳақида реал маълумотларга асосланган бўлиб, Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги студияси ҳамкорлигида суратга олинган. Тадбирга йиғилганлар Эркин Вохидов ҳаёти ва ижоди ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлишди.









          

ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura