Савол-жавоб


❓1-САВОЛ:
Хорижий олий таълим муассасасидан ўқишимни Ўзбекистонга кўчирмоқчиман. Ўқишимни кўчиришим учун имтиҳонни суҳбат шаклида топширсам бўладими?

✅ ЖАВОБ:
Хориждан талабалар ўқишини кўчириш бўйича имтиҳонлар асосан тест синовлари шаклида, айрим таълим йўналишларига касбий (ижодий) имтиҳон шаклида ўтказилади.
Тест синовлари Давлат тест маркази томонидан, касбий (ижодий) имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасалари томонидан ўтказилади. 

❓2-САВОЛ:
Мен Ўзбекистондаги нодавлат олий таълим муассасасида 1-курсни тамомладим. Мен ўқишимни Тошкент давлат иқтисодиёт университетига кўчирмоқчиман. Бу қандай тартибда бўлади ва мен ўқиётган олий таълим муассасасидан қандай ҳужжатлар талаб этилади?

✅  ЖАВОБ:
Ўзбекистондаги нодавлат олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини кўчириш ҳам хориждан ўқишни кўчириш учун белгиланган тартибларга мувофиқ амалга оширилади.
Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасидаги нодавлат олий таълим муассасаларидан давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш учун танланган бакалавриат таълим йўналишига кириш фанларидан имтиҳонлар ўтказилади.
Хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш учун рўйхатдан ўтишда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
- рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома ёхуд транскрипт нусхаси (биттаси бўлса кифоя);
- паспорт нусхаси.

❓3-САВОЛ:
Хориждан ўқишни кўчиришда оилали бўлганлар учун имтиёзлар борми?

✅ ЖАВОБ:
Хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчиришда оилали талабаларга имтиёзлар кўзда тутилмаган. 
Агар талаба хорижий олий таълим муассасасига ўқишга киргандан сўнг турмушга чиққан бўлса, ушбу талаба баҳорги семестр бошланишидан олдин ҳам ўқишини турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига кўчириш бўйича рўйхатдан ўтиши ва имтиҳонларда иштирок этиши мумкин.

❓4-САВОЛ:
Биз ёшлар олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларини тамомлаб магистратурага ўқишга кириш учун тайёрланмоқдамиз. Лекин магистратурага киришда турдошлар рўйхати тасдиқланганда абитуриентларга магистратура мутахассисликларини танлашдаги имкониятлар жуда чекланди. Турдошлар рўйхатини қайта кўриб чиқишингизни сўраймиз.

✅ ЖАВОБ:
Ҳозирги кунда фуқароларнинг таклифлари асосида “Республика давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул бўйича турдош олий таълим йўналишларининг рўйхати”га қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилмоқда. Мурожаатингизда кўрсатилган масала вазирликда таянч олий таълим муассасалари мутахассислари билан биргаликда кўриб чиқилмоқда. Киритилган ўзгартиришлар тўғрисида вазирлик веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хабар берилади.

❓5-САВОЛ:
Давлат олий таълим муассасаларига фанлардан қарзи бор талаба ўқишини кўчира оладими?

✅ ЖАВОБ:
Фақатгина биринчи курснинг биринчи семестридан қарздор бўлган талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат этилмайди. Бошқа семестрдаги фандан қарздор бўлган талаба ўқишини кўчириш бўйича рўйхатдан ўтиши мумкин. 
Ўқиши кўчирилиши рухсат этилган талабани курсини белгилашда мутахассислик фанлари фарқи солиштирилади ва бунда, талаба қарздор бўлган фан ҳам инобатга олинади. Фанлар фарқи 4 тадан ортиқ бўлган ҳолатда талабанинг ўқиши муайян курсга тавсия этилмайди.

❓6-САВОЛ:
Мен Термиз давлат университетининг Мактабгача таълим йўналишини биринчи курсини тамомладим. Доимий яшаш манзилим Фарғона вилоятида бўлганлиги сабабли ўқишимни Фарғона давлат университетининг Бошланғич таълим йўналишига кўчира оламанми?

✅ ЖАВОБ:
Мактабгача таълим йўналиши ва Бошланғич таълим йўналиши турдош эканлиги ҳамда Сизнинг доимий яшаш манзилингиз Фарғона вилояти эканлигини инобатга олган ҳолда Сиз ўқишингизни Фарғона давлат университетининг Бошланғич таълим йўналишига кўчиришингиз мумкин.

❓7-САВОЛ:
Хориждан ўқишни кўчириш бўйича ўтказиладиган имтиҳонларнинг ўтиш баллари қандай бўлади?

✅ ЖАВОБ:
Хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш бўйича имтиҳонларнинг ўтиш баллари тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан жорий йилнинг 25 июль кунига қадар ўзларининг расмий сайтларида эълон қилинади. 

❓8-САВОЛ:
Мен 2019 йилда Беруний номидаги давлат стипендияси совриндори бўлганман. 2021 йил Самарқанд ветеринария медицинаси институтини битирдим. Мен Ўзбекистон Миллий университетига магистратурага кирмоқчиман. Бунда Беруний давлат стипендияси совриндори бўлганлигим учун менга имтиёз қўлланиладими?

✅ ЖАВОБ:
Номли давлат стипендиялари совриндори бўлган талабалар бакалавриатни битирган йили ўқиган таълим йўналишига мос ва турдош бўлган магистратура мутахассисликларига кириш имтиҳонларисиз давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.
Шунга кўра, исталган олий таълим муассасасининг Сиз тамомлаган бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош бўлган магистратура мутахассислигига имтиёз асосида ўқишга киришингиз мумкин.

❓9-САВОЛ:
Ногиронлиги бўлган талаба ёзги сессиядан 3 та фанни ўзлаштира олмаса курсдан курсга қолдирилиши мумкинми?

✅ ЖАВОБ:
Рейтинг баҳолаш тизими асосида таҳсил олаётган талаба семестр якунига кўра академик қарздор бўлса ва белгиланган муддатларда қарздорликни топшира олмаса курсдан-курсга қолдирилади. Ушбу ҳолатларда ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёз кўзда тутилмаган.

❓10-САВОЛ:
Хориждаги олий таълим муассасаси магистратурасига ўқишга кирсам ва 1-курсдан кейин ўқишимни Ўзбекистондаги олий таълим муассасаси магистратурасига кўчира оламанми?

✅ ЖАВОБ:
Хорижий олий таълим муассасаларининг магистратурасида таҳсил олаётган талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишни кўчиришга рухсат этилмайди.

❓11-САВОЛ:
Олдинги ўқув йиллари Бухоро давлат тиббиёт институтига иккинчи мутахассисликка қабул бўлар эди. Биз олий маълумотлимиз, ҳужжат топширмоқчи эдик. Бу йил ҳам иккинчи мутахассисликка қабул бўладими?

✅ ЖАВОБ:

Иккинчи олий маълумот олиш бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқига эга олий таълим муассасалари рўйхати Давлат комиссияси томонидан белгиланади. Бунда, кадрларга бўлган талаб-эҳтиёж, олий таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти ва моддий-техник базаси ҳисобга олинади. 
Ҳозирги кунда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан кадрларга бўлган талаб-эҳтиёж ўрганилмоқда. Жумладан, Бухоро давлат тиббиёт институтида иккинчи олий маълумот олиш учун қабул бўйича таклифлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилади.

❓12-САВОЛ:
Кредит модул тизимида ўқиётган 1-курс талабаси ўқув йили якунида (2-семестрда) 1 та фандан қарздор бўлиб қолса, ўқишини кўчиришига рухсат бериладими?

✅ ЖАВОБ:
Талаба фақатгина биринчи курснинг биринчи семестридаги фанлардан қарздорлиги бўлганда унинг ўқишини кўчиришга рухсат берилмайди. Шунга кўра, кредит модул тизимида ўқиётган биринчи курс талабаси биринчи курснинг иккинчи семестридан қарздор бўлганда ҳам ўқишини кўчириш бўйича рўйхатдан ўтиши мумкин.

❓13-САВОЛ:
Мен 2020 йил февраль ойида ўқишимни Қозоғистондан Ўзбекистонга кўчирдим. Ҳозирги кунда Жиззах политехника институтининг 2-курсини сиртқи таълим шаклида битирдим. Шунда ўтган йилги Қозоғистондан ўқишимни кўчирганим халақит бермайдими? Ҳозирги кунда мен ўқишимни Тошкент шаҳрига айрим сабаблар туфайли кўчирсам бўладими?

✅ ЖАВОБ:
Бир олий таълим муассасасидан (шу жумладан хориждан) бошқа олий таълим муассасасига ўқиши кўчирилиб, талабаликка қабул қилинган талабанинг ўқишини иккинчи марта кўчирилиши бўйича чеклов мавжуд эмас. Шунга кўра, Сиз ўқишингизни Жиззах политехника институтидан Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларидан бирига кўчириш бўйича рўйхатдан ўтишингиз мумкин.

❓14-САВОЛ:
Жияним Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг хотин-қизлар учун берилган тавсияномасини олди. Жияним ушбу тавсиянома билан олий таълим муассасасига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинадими?

✅ ЖАВОБ:
2021/2022 ўқув йилига хотин-қизлар учун жами 2000 та алоҳида давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ҳудудлар кесимида ажратилди. Ушбу қабул кўрсаткичларига тегишли тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар орасидан энг юқори балл тўплаганлари қабул қилинади.
Тавсияномага эга бўлган аммо ажратилган алоҳида давлат грантига тавсия этилмаган хотин-қизлар тест синовлари натижаларига кўра тўплаган баллари билан танлаган бештагача бакалавриат таълим йўналишларига умумий танловда иштирок этиши мумкин.

❓15-САВОЛ:
Ҳарбий қисм тавсияномасини олдим. Шу тавсияномам сиртқи таълим шаклига ҳам ўтадими?

✅ ЖАВОБ:
2021/2022 ўқув йилига ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлганлар учун олий таълим муассасалари ҳамда таълим шакллари (кундузги, сиртқи, кечки) кесимида алоҳида қабул кўрсаткичлари тасдиқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳарбий қисм тавсияномасига эга бўлган абитуриент сиртқи таълим шакли учун ажратилган қабул кўрсаткичига даъвогар бўлиши мумкин.

❓16-САВОЛ:
Мен Навоий давлат педагогика институтининг биология йўналишини тугатганман. Иккинчи мутахассисликка тиббиёт институтларида ўқисам бўладими? Иккинчи мутахассисликка қачондан ҳужжатлар қабули бошланади? Давлат грантида ўқиган абитуриент ҳам иккинчи мутахассисликка ўқиса бўладими ёки дипломнинг асл нусхаси сўраладими?

✅ ЖАВОБ:
Иккинчи олий маълумот олиш бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқига эга таълим муассасалари рўйхати Давлат комиссияси томонидан белгиланади. Давлат тиббиёт институтларида иккинчи олий маълумот олиш бўйича кадрлар тайёрлаш тўғрисидаги таклифлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилади.
Амалдаги тартиб бўйича иккинчи олий  маълумот олиш (иккинчи мутахассислик) учун ҳужжатлар 20 июлдан 20 августгача қабул қилинади. Иккинчи олий маълумот олмоқчи бўлган шахслар олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига таълим муассасаси ректори номига ариза ҳамда олий маълумот тўғрисида давлат намунасидаги дипломни (асл нусхаси) иловаси билан тақдим этишлари лозим.
Асосий кўрсаткичлар
1182 Professor-o‘qituvchilar soni
26796 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
52 Yo‘nalish bakalavr
71 Mutaхassislik magistratura