Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 май куни пойтахтимизнинг Олмазор туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Президентимиз олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар, мазкур олий таълим даргоҳини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар тақдимоти билан танишди.

Кадрлар тайёрлаш соҳалари таркибий тузилиши лойиҳасида ёшларни олий ўқув юртларига янада кўпроқ қамраб олиш бўйича батафсил маълумот берилди. 2018-2019 ўқув йилида мамлакатимиз олий ўқув юртларига 96 минг 950 талаба қабул қилинган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида 123 минг 170 нафар йигит-қиз ўқишга жалб этилади. Бу кўрсаткични 2022-2023 ўқув йилида 180 мингтага етказиш режалаштирилган.


Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети илмий-педагогик фаолияти ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид режалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Беш йиллик комплекс дастур ишлаб чиқиб, университет фаолиятини ривожлантириш ва унинг халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Университет ҳузуридаги лицейни табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштириш, етук мутахассисларга эҳтиёж ортиб бораётганини инобатга олиб, янги факультетлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳақида сўз борди.



Президентимизнинг келаси йилдан илмий муассасаларни тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштиришга ўтказиш таклифи олимлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Изланувчан олимларни рағбатлантириш мақсадида илмий ишланма яратган тадқиқотчига докторлик ва уни амалиётга татбиқ этган изланувчига таянч докторлик илмий даражасини берадиган бинар (иккиталик) ҳимоя тизимини жорий қилиш, бюджет маблағлари ҳисобидан стажёр-тадқиқотчилар институтини ҳамда юртимиз биологик хилма-хиллигини ўрганадиган дала-тажриба станциялари ташкил этиш тавсия қилинди.

Президентимиз шу йилнинг 1 сентябридан барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган, таълим ва илм-фан соҳасида меҳнат қилаётган фан номзодларининг маошига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоиз устама ҳақи белгилашни таклиф қилди.


Учрашувда педагог кадрлар малакасини ошириш ва уларни табақалаштирган ҳолда рағбатлантириш тизимини жорий этиш ҳақида ҳам сўз юритилди. Олий таълим вазирлиги магистратура талабаларини Фанлар академиясининг мос йўналишдаги илмий-тадқиқот институтларида стажировка ўташини йўлга қўйиш, табиий фанлар ва муҳандислик йўналишларидаги магистратура талабаларини бюджет ҳисобидан давлат буюртмаси асосида тайёрлашни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.Учрашувда академиклар, олий ўқув юртлари ректорлари ва талаба ёшлар сўзга чиқиб, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

ЎзМУ Ахборот хизмати


Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari