“ШОА – Холокост. Одам шуни қила оладими?“


Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида халқаро Холокост қурбонлари хотираси кунига бағишланган тадбир ўтказилди. 
Унда Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуард Шапиро, Бирлашган Миллат Ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Хелен Фрейзер ҳамда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Чехия, Польша, Озарбайжон, Туркия элчихоналари вакиллари иштирок этдилар. 
– Халқаро Холокост қурбонлари хотираси куни муносабати билан Миллий университетимизда ташкил этилган “ШОА – Холокост. Одам шуни қила оладими?“ деб номланган фотокўргазмада ўтмишнинг айрим аччиқ хотиралари талабаларга тарихдан бир сабоқдир,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Бу кўргазмада ирқий нафратнинг фожиалари акс этган. Уни теран нигоҳ билан кузатганлар тинчлик ва осойишталик қанчалик улуғ неъмат эканини яққол ҳис этадилар. 
Айтиш жоизки, Холокост мавзуси Ўзбекистонда алоҳида аҳамиятга эга. Чунки оғир йилларда Ўзбекистон минглаб яҳудийларнинг жон сақлаши учун бошпана бўлди. Исроил халқи ва Исроил давлати буларни ёддан чиқармайди ва Ўзбекистон халқига ҳамиша миннатдорлик билдириб келади, дейилади Исроил давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тарқатилган хабарида.
Холокост – қадимги юнонча holocaustosis сўз бўлиб, “куйдирилган“, “олов орқали йўқ қилиш“, “қурбонлик“ деган маъноларни англатади. Замонавий илмий адабиёт ва публицистикада 1933-1945 йилларда нацистлар ва уларнинг иттифоқчилари томонидан 6 миллиондан ортиқ яҳудий миллатига мансуб аҳолини таъқиб ва йўқ қилиниши сифатида қўлланилади.
Илк бор мазкур ибора ёзувчи Эли Визел томонидан қўлланилган. Келиб чиқиши яҳудий бўлган Америка ва франциялик ёзувчи, журналист, профессор, жамоат арбоби бўлмиш Эли Визел 1986 йилда “Нацизм қурбонлари бўлмиш жабрдийда яҳудий халқининг азоб-уқубатларига бағишланган мавзудаги” асарлари учун Тинчлик бўйича Нобель мукофотига лойиқ топилган. 1978 йилда Американинг кўп қисмли “Холокост“ телевизион фильми намойиш қилинганидан сўнг, бу ибора музей, мемориал ва таълим марказларига нисбатан ҳам ишлатила бошланди. Исроил ва бошқа айрим мамлакатларда “Европа яҳудийлари фожиаси”ни англатувчи Шоа (Shoax) ибораси ҳам қўлланилади.
Учинчи Рейх тепасига нацистлар келганидан сўнг антисемитизм давлат сиёсати ва расмий мафкура, дея эълон қилинди. 1938 йилда Учинчи Рейх ҳудудларида оммавий тарзда синагоглар бузила бошланди, яҳудийлар ҳибсга олинди. Яҳудийларга мансуб корхоналар талон-торож қилинди, уларнинг мол-мулки қайта рўйхатга олинди ва кейинчалик мусодара қилинди. Яҳудийлардан ташқари бошқа майда миллат вакиллари, руҳий беморлар ҳам, умуман Рейх ўзининг душмани дея кўрганларнинг ҳаммаси қирғин қилишга киришди.
Польшада нацистлар томонидан барпо қилинган энг йирик Освенцим – Биркенау ўлим лагери 1945 йилнинг 27 январь куни озод қилинади. Турли маълумотларга қараганда, бу лагерда 1,5 миллиондан 4 миллионгача одам ўлдирилган. Атиги етти минг киши тирик қолган. Бироқ Освенцимда ҳалок бўлганларнинг аниқ сони маълум эмас. Чунки кўплаб ҳужжатлар йўқ қилинган, фашистларнинг ўзи газ камерасига жўнатиладиганларнинг аниқ сонини ҳисобга олишмаган. Нюрнберг трибунали маълумотларига қараганда, 2,8 миллион киши ўлдирилган бўлиб, уларнинг 90 фоизини яҳудийлар ташкил қилади.
Освенцим, шунингдек, Аушвиц номи билан машҳур лагерь бўлиб аввалига поляк сиёсий маҳбуслари учун қурилган эди. 1942 йилга қадар бу ерда фақат Польша аҳолиси ушлаб турилган эди. Кейинчалик лагерга “яҳудийлар“ номи берилди. 1942 йилнинг 20 январь куни Берлин яқинидаги Ванзей кўли атрофида бўлиб ўтган махсус мажлисда яҳудий миллатига мансуб аҳолини қириб ташлаш борасида қарор қабул қилинади. Кейинчалик “Ванзей конференцияси“ деб аталмиш мазкур мажлисда қабул қилинган протокол Нюрнберг жараёнида муҳим далил сифатида фойдаланилган.
Освенцим – Польша жанубидаги кичикроқ шаҳар. 1940-1945 йилларда Освенцим яқинида нацистларнинг Аушвиц Биркенау (Auschwitz Birkenau) концентрацион лагерлари мажмуаси жойлашган эди. Концлагерга кираверишда: Arbeit macht frei (“Меҳнат озод қилади“) деган шиор осилиб турарди.
Россия ФХХ маълумотларига кўра, 1940 йилдан бошлаб Освенцимга босиб олинган ҳудудлардан ҳар куни маҳбуслар ортилган 10 та эшелон келарди. Ҳар бир эшелонда 40-50 вагон бўларди. Ҳар бир вагонда эса 50 дан 100 нафаргача одам бўларди, олиб келинганларнинг 70 фоизи ўша куннинг ўзидаёқ йўқ қилинарди.
1941 йилнинг 3 сентябрь куни лагерда илк бор “Циклон Б“ гази қўлланилгани боис маҳбуслар оммавий тарзда ўлдирилди. Ўшанда 600 нафар совет ва 250 нафар польшалик маҳбуслар ўлдирилган эди. 1941 йилнинг кузида Аушвиц I лагерида биринчи газ камераси фаолият юрита бошлади.
1942 йил 26 март куни концлагерга илк маҳбус аёллар – икки мингга яқин заифа олиб келинди. 1942 йил охирларидан бошлаб концлагер шифокорлари маҳбуслар устида кастрация ва стерилизация синовларини ўтказа бошлади.
Концентрацион лагер ташқи дунёдан ажратиб қўйилган ва тиканли симлар билан ўраб олинган эди. Ташқи дунё билан бўладиган барча алоқалар тақиқланарди. Лагер қўриқланарди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2005 йилнинг 1 ноябрь куни қабул қилинган резолюциясида келажак авлодлар хотирасида Холокост сабоғи абадий сақланиб қолиши ва бу каби геноцидларнинг олдини олиш мақсадида аъзо давлатлар таълим дастурларини ишлаб чиқишлари лозимлиги таъкидлаб ўтилган.
“Яҳудий халқининг учдан бир қисмини, бошқа оз сонли миллатлар вакилларини йўқ қилган Холокост нафрат, ирқчилик, ақидапарастлик ва хурофотнинг хавфи ҳақида одамларга ҳамиша эслатиб туради“,– дейилади БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясида.
Нацизм қурбонлари бўлмиш яҳудийлар хотирасига жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида мемориал ва музейлар ташкил қилинган. Улар орасида Қуддусдаги Яд Вашем музейи, Париждаги ҳужжатлар ва мемориал маркази, Амстердамдаги Анна Франк уй-музейи, Вашингтондаги Холокост мемориал музейи, Хиросимадаги 1,5 миллион яҳудий болалари хотира музейи, Москвадаги яҳудий мероси ва Холокост музейини мисол сифатида келтириш мумкин.
Иккинчи жаҳон уруши ҳодисаларида тарихий ҳақиқатни таъминлаш, шунингдек, Холокост даҳшатларини хотирада сақлаш мақсадида 2005 йилдан бошлаб юқори даражада Жаҳон Холокост хотираси форуми ўтказиб келинади.
Биринчи жаҳон форуми 2005 йилнинг 27 январь куни Краков (Польша)да бўлиб ўтди ва тадбир Аушвиц-Биркенау концлагери озод қилинганининг 60 йиллигига бағишланди. Унинг ишида Россия Президенти Владимир Путин, АҚШ вице-президенти Ричард Чейни, Польша Президенти Александр Квасьневский ва бошқалар иштирок этган эди. Иккинчи форум эса 2006 йилда Киевда бўлиб ўтди, унинг ишида 40 дан ортиқ расмий делегация қатнашди. Учинчи халқаро анжуман 2010 йилда Краковда, тўртинчиси эса 2015 йилнинг 26-27 январь кунлари Прага ва Терезина (Чехия) шаҳарларида бўлиб ўтди.
Освенцим озод қилинганлигининг 70 йиллиги муносабати билан Буюк Британиянинг Channel 4 телеканалида “Тун оғмоқда” деб номланган фильм намойиш қилинди. Унда маҳбусларнинг озод қилинишига оид ноёб кадрлар кўрсатилади. Бу кадрлар шу қадар аянчлики, бир неча ўн йиллар давомида намойиш қилиш лозим кўрилмаган. Фильм режиссёри Андре Зингернинг фикрича, “қўрқинчли ва шу билан бирга юракларни ларзага солувчи кадрлар” намойиш қилиниши керак. “Бу каби хроникалар келажак авлодларга кўрсатиш учун бизга керак“, – дея таъкидлайди Андре Зингер.
Ҳар икки йилда Исроилда антисемитизмга қарши курашга бағишланган “ГФБА – GFCA” Глобал форуми бўлиб ўтади. Анжуманда жамоат арбоблари, сиёсий етакчилар, фуқаролик жамиятлари раҳбарлари, руҳонийлар, журналистлар, дипломатлар, ўқитувчилар ва бошқалар иштирок этади. Ўтган йили – 2018 йилнинг март ойида Қуддусда бўлиб ўтган анжуманда жаҳоннинг 83 та мамлакатидан 1500 дан ортиқ вакил қатнашди.
Юртимизда азалдан ўтмишдаги яқинларни хотирлаш, улар қилиб ўтган эзгуликларни энди ўсиб келаётган ёшларга ҳикоя қилиб бериш анъанага айланган. Бу қадриятлар ёшларда Ватан туйғусини мустаҳкамлаб, одамийлик, меҳр-шафқат, оқибат, меҳрибонлик, қон-қариндошлик фазилатларини кучайтирган. Истиқлол йилларида бундай қадриятлар энг аввало Конституциямизда, Таълим тўғрисидаги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида, айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, бошқа кўпгина қонунва ҳужжатларимизда ўз ифодасини топиб, мустаҳкамланмоқда ва ривожланмоқда. 
Маълумки, ижтимоий хотира ҳар бир халқнинг тили ва маданияти, урф-одат ва ахлоқий қадриятлари, дунёқараши ва ахлоқий тарбиясида ўз аксини топган. Шу тариқа у миллий ўзликни англаш ҳамда миллий яхлитликни сақлаш омили сифатида майдонга чиқади. Бугун том маънода ривожланган замонавий давлат қураётган эканмиз, ушбу бунёдкорлик йўлида ҳам бизга улуғвор ўтмишимиз чексиз руҳий куч-қувват манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳозирги глобаллашув жараёнида табиийки, ҳар хил сиёсий ва мафкуравий кучлар тарихни ўз манфаати билан боғлаб талқин қилишга интилади. Айни чоғда ҳар бир шахс ёки гуруҳ ҳам тарихни фақат ўз ақл-заковати, имон-эътиқоди даражасида идрок этади. Ёшлар юртимизда кечаётган туб ислоҳотлар муваффақиятини таъминловчи асосий омил экани ҳисобга олинса, улар тарихнинг ҳар хил талқинларига кўр-кўрона эргашувчи бўлиб эмас, аксинча, онгли идрок этувчи бўлиб улғайишига эришиш нечоғли муҳим вазифа экани ойдинлашади. 
Мустақиллик йилларида инсон хотирасини эъзозлаш ва қадрлашга йўналтирилган 9 май — Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида мамлакатимизда кенг нишонланиб келинмоқда. Бу хайрли кун муносабати билан нафақат 1941-1945 йиллардаги иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, балки барча ўтганларнинг хайрли фаолияти ёдга олинади, қариялар ва касаллар йўқланади. Бу кун ўтганлар ёди билан бирга бугунги куннинг қадрига етишни, ҳаётнинг ўзи олий неъмат эканлигини ёшларга уқтиради. 
Юртимизда неча асрлардан буён шаклланган миллатлараро бағрикенглик ва тотувлик халқимизни юксак маънавий даражасини кўрсатади. 2-жаҳон уруши даврида 1,5 миллион аҳолини (шундан 250 мингдан ортиғи яҳудийлар) Ўзбекистон кутиб олиб, жойлаштирган, ўзи нима еса, кийса бирга баҳам кўрган. Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом “Мен яҳудийман” достонида “Агар яҳудийларни яҳудийлиги учун ўлдиришаётган бўлишса, мен яҳудийман”, дейди. Ҳозирда Европа 1 миллион қочоқлардан ваҳимага тушмоқда. Германиянинг Ўзбкистондаги элчиси Найхарт Херер Визинг фикрича, Европа Иттифоқи Ўзбекистондан ўрнак олиши керак. Ўша давр ҳақида Тошкентнинг, бутун Ўзбекистон халқининг 2-жаҳон урушидаги жонбозлиги, меҳнаткашлиги ва бошқа халқларга меҳрибонликлар кўрсатганини нафақат Ўзбекистон тарихига, балки бутун жаҳон тарихи китобларига киргизиш керак, токи бундан бугунги авлодлар ўрнак олсин, меҳр-оқибат, дўстлик, тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик каби умуминсоний фазилатлар инсонни жаҳолатдан қутқариб, ёруғ йўлга олиб чиқишини англасин.
Хотира ва қадрлаш тирикликнинг асил мезони сифатида фарзандларимизни меҳр-муҳаббатга, саховатга, биродарликка, инсоннинг қадрига етишга чорлайди. Мустақиллик даврида маънавий қадриятга айланган бу тушунча ўтмиш сабоқларини, истиқлолимиз учун жонини фидо қилганларни хотирлашни, энг аввало, бугунги ва эртанги ҳаётнинг қадрига етишни ўргатади. Ёшлар хотира орқали қадрлаш тушунчасини чуқурроқ англаб, тарихий қадриятлар қадрига етиб, маънавий меросимизни эъзозлашни ўрганадилар. 
Агар миллат ўзининг буюк келажагини кўрмоқчи бўлса, унинг хотираси уйғоқ бўлиши, кечаги ҳаётидан, ўзи босиб ўтган йўлидан сабоқ олмоғи лозим. Хотира орқали ҳар бир инсоннинг нафақат аждодлар, балки ўзи босиб ўтган йўли сарҳисоб қилинади, фарзандларини қадриятлар асосида тарбиялаб вояга етказишига ёрдам беради. Ҳар бир ота-она боласини элу юртга фойдаси тегадиган инсон бўлишини истайди. Ўзаро боғлиқ ва алоқадор, ижтимоий келиб чиқишига хос ҳаёт қонунларига тан берган ҳолда ўзи билиб-билмай қилган хатоларини фарзандлари такрорламаслиги учун қўлидан келганча ҳаракат қилади ва уларни одамийликка ўргатади.
Хотира ўтмишни эслатиб, сабоқ берибгина қолмай, ўтаётган ҳар бир куннинг қадрига етишни ҳам ўргатади.Ўтганларни хотирлаш ва ҳаёт бўлганларни қадрлаш, мўътабар инсонларнинг ҳурматини бажо келтириш билан бирга ўзига берилган умрни эъзозлай олиш халқимиз маънавиятининг бебаҳо қадриятидир. Қадриятларимизни эса доимо эъзозлаш, асраш ва ёш авлод қалбига сингдириш фуқаролик жамиятини қуришнинг асосий вазифаларидан биридир. 
Глобаллашув жараёнида биз ёшларни огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишга ўргатишимиз зарур. Ёшлар воқеаларни оддий ва лоқайд кузатувчиси эмас, диалектик алоқадорлик қоидаларини ўрганган ҳолда тинчлик ва тараққиёт курашчилари бўлиб яшашга ўрганишлари керак. 
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек халқи барча даврларда ҳам илгари яшаб ўтганларни хотирлаш ва уларнинг ҳаёт тажрибасидан сабоқ олишга алоҳида эътиборни қаратган. Ана шу анъанани бугунги ижтимоий-тарихий шароит талабларига мослаб, ижодий давом эттириш зарур. Бу борада эса ёзма манбаларни атрофлича ўрганиш билан бирга халқ хотираси маразларини ташкил этиб, кекса авлод вакиллари билан мунтазам суҳбатлар уюштириш ҳамда ўтмишнинг жонли гувоҳларидан ёзиб олинган эсдаликларни тарихий ва расмий манбаларга қиёслаб таҳлил этишнинг аҳамияти катта. Шундагина аждодларнинг ҳақиқат нури билан йўғрилган хотираси бугунги ва эртанги йўлимизни ёритиб турувчи чинакам машъалага айланади. 
Тинчлик – бебаҳо неъмат. Осуда ҳаётда кўплаб эзгу ниятлар ижобат бўлади. Ана шундай эзгу ниятлардан бири ўтган йили амалга ошиб ЎзМУда Исроилнинг Холон университети билан ҳамкорликда қўшма факультет ташкил этилди. 
Хотира кечасида хорижлик меҳмонлар ҳам дил сўзларини изҳор этдилар. 
“ШОА – Холокост. Одам шуни қила оладими?“ фотокўргазмаси намойиши 8 февралгача давом этади. 

ЎзМУ Ахборот хизмати

Асосий кўрсаткичлар
1200 Профессор-ўкитувчилар сони
10500 Jami talabalar soni
3500000 ARM fondi
45 Ta’lim yo‘nalishlari