Магистрлар иккита давлат университети дипломига эга бўладилар

30.06.2018

Магистрлар иккита давлат университети дипломига эга бўладилар

Халқаро илмий ҳамкорлик самараси – ёш тадқиқотчиларни дунё билан бўйлаштирмоқда!
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига Малайзия Ислом университети Ўқув ишлари бўйича 1-проректори Доктор Дато Зулкипри бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
ЎзМУ Халқаро алоқалар бўйича проректори Расул Раҳмонов, академик Азимбой Саъдуллаев ва бошқалар Миллий университетимизнинг бугунги салоҳияти, математика йўналишидаги илмий мактаблари, фан соҳасида эришилаётган ютуқлари ҳамда имкониятлари ҳақида сўз юритдилар.
Малайзиялик профессор-ўқитувчилар халқаро илмий ҳамкорликни янада такомиллаштириш юзасидан таклифларини баён этдилар. Малазия Ислом университетида айни пайтда 12 мингдан ортиқ талаба таҳсил олаётгани, уларга 1500 мингдан зиёд профессор-ўқитувчилар дарс бериши, юксак технологиялар ва бошқа имкониятларга эга эканлиги ҳақида маълумот бердилар.
Хорижлик меҳмонлар ёш математикларни халқаро фан олимпиадаларига тайёрлашда ЎзМУ Математика факультети тажрибасига катта қизиқиш ва ҳавас билан қарашларини баён этиб, келгусида шу масалада ўзбек академиклари яқиндан кўмаклашишидан умидвор эканликларини билдирдилар.
Суҳбат давомида ахборот хавфсизлиги, ахборот технологиялари, амалий математика ва информатика йўналишлари бўйича илмий алоқаларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикрлашиб олингач, икки томонлама “1+1” лойиҳаси қабул қилинди.
Бу лойиҳага асосан келгусида магистрларимиз бир йил ЎзМУда ва иккинчи курсда Малайзия Ислом университетида таҳсил олади. Ўз навбатида Малайзия Ислом университети магистрлари ҳам бир йил у ёқда, иккинчи йил ЎзМУда тадқиқотларини давом эттирадилар.
Шу аснода математика йўналишида фалсафа доктори ва магистрлик диссертацияларига шу икки олий таълим муассасалари, яъни, ЎзМУ тадқиқотчиларига малайзиялик ва уларга Миллий университетимиз профессор-ўқитувчилари илмий раҳбарлик қилиши йўлга қўйилади. Энг муҳими, бу тадқиқотчиларга икки университет томонидан тасдиқланган диплом берилади!

Раҳматилла Аллоев
ЎзМУ Математика факультети Математик моделлаштириш ва криптоанализ кафедраси мудири

Рўйхатга қайтиш