Ижтимоий фанлар факультети

декан Абдураҳимов Қодиржон Абдухалилович
манзил 100174, Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Университет кўчаси 4-уй
хона -
телефон (0 371) 246-67-72
факс (0 371) 246-67-72
e-mail abduraximov_qa@nuu.uz


Ижтимоий фанлар факультети тарихи ва бугунги фаолияти

Ижтимоий фанлар факультети (1991 йилгача Фалсафа-иқтисод факультети, 1991-2014 йилгача Фалсафа факультети) 1979 йилда ташкил этилган ва 2014 йилдан Ижтимоий фанлар факультети деб номлана бошлаган. Факультет таркибида дастлаб фалсафа, психология, иқтисод, сиёсатшунослик бўлимлари фаолият олиб борган.

Ижтимоий фанлар факультети ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда даҳлдорлик туйғусини шакллантиришга йўналтирилган билим ва малакаларни чуқур эгаллаган, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий, маънавий, сиёсий ислоҳотларни аҳолининг турли қатламлари онгига этказиш учун хориж тилларини ўзлаштирган, ўзининг маънавий қиёфаси билан ёшларга ибрат бўла оладиган малакали бакалавр ва магистрлар тайёрлайдиган таянч факультетлардан бири ҳисобланади.

Факультетда 23 фан докторлари, 60 нафардан зиёд фан номзодлари фаолият олиб борадилар.

Унинг бакалавриат босқичида 638 талаба, магистратура босқичида 66 магистрант, докторантура ва таянч докторантурада эса 23 нафар илмий ходим таҳсил олмоқда.

23 Фан докторлари
60 Фан номзодлари
51 Катта ўқитувчи ва ўқитувчилар

Факультет кафедралари фаолияти

Миллий ғоя: 2004 йилда ташкил этилган. Кафедра унда факультетлараро бакалавр ва “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” йўналишлари ҳамда “Ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитиш методикаси (Маънавият асослари)” магистратура мутахасислиги бўйича кадрлар тайёрланади.

Фалсафа ва мантиқ: 1965 йилда ташкил топган бўлиб, унда «Фалсафа тарихи ва мантиқ» бўйича бакалаврлар ва “Фалсафа тарихи” ва “Онтология, гносеология ва логика” магистратура мутахасислиги бўйича кадрлар тайёрланади.

Маънавият асослари ва диншунослик: 2005 йилдан ташкил этилган бўлиб, унда факультетлараро бакалавр йўналишлари ва магистратура мутахасислиги бўйича маърузалар ўқилади.

Этика ва эстетика: 1986 йилда ташкил этилган бўлиб, унда бакалавр таълим йўналишлари ҳамда “Этика ва эстетика” магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланади, ёшларни миллий маънавият мезонларига таянган ҳолда маънавий баркамол шахс этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилади.

Психология: 1976 йилда ташкил этилган бўлиб “Психология” бакалавр таълим йўналиши ва “Психология” магистратура мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлашга масъул.

Педагогика: 2006 йилда ташкил этилган. Кафедранинг асосий фаолияти факультетлараро бакалавр йўналишлари ва магистратура мутахасислиги бўйича машғулотлар олиб бориш, талабаларни педагогик фаолиятга тайёрлаш, педагогик соҳасидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Демократик давлат қуриш назарияси ва амалиёти: 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, унда факультетлараро бакалавр йўналишлари ва магистратура мутахасислиги бўйича маърузалар ўқилади.

Социология: 2010 йилда ташкил қилинган. Кафедра “Социология” бакалавр таълим йўналиши ҳамда “Социология” ва “Ижтимоий иш” магистратура мутахассилиги бўйича кадрлар тайёрланади.

Ижтимоий иш: 2017 йилда ташкил қилинган. Кафедрада бакалавр таълим йўналиши ва 5А520101-Ижтимоий иш (оилалар ва болалар билан ишлаш) магистратура мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлайди.

Илмий фаолият

Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.29.08.2017. S.01.08 рақамли (Сиёсий фанлар) ҳамда DSc.27.06.2017.F.01.05 рақамли (Фалсафа фанлари) Илмий кенгашлари билан узвий ҳамкорлик ўрнатилган.

Факультетда “Имконияти чекланган болалар социомаданий мослашув тизимининг илмий-методик асослари такомиллашуви”, “Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш, оила ва болаларни ҳимоя қилиш тизимида ижтимоий ҳамкорлик масалалари, “Фалсафа” ва “Миллий ғоя тарғиботи технологиялари” курслари бўйича ўқув-методик базани такомиллаштириш ва электрон ўқув-услубий комплексини яратиш”, “Ўрта асрлар шарқ алломалари ва мутафаккирларининг табиий-илмий ва ижтимоий-фалсафий меросининг ғарб олимлари томонидан тадқиқ этилиши”,

“Таълимда менежмент ва маркетингнинг ижтимоий-психологик жиҳатларини ишлаб чиқиш ва миллий маданиятни умуминсоний маданият билан уйғунлаштиришга оид услубий қўлланма тайёрлаш”, “Жамиятни ислоҳ этиш ва модернизациялаш жараёнида эстетик тарбияни ривожлантиришнинг миллий асослари”, “Ўзбекистонда айрибошлаш дастурларининг самарадорлиги (социологик тадқиқотлар тажрибаси)”, “Олий таълим тизими кадрларининг инновацион фаолиятга тайёргарлигининг ижтимоий-психологик механизмларини ишлаб чиқиш (хорижий илғор технологиялар асосида)” мавзуларда илмий фундаментал ва амалий лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

Маънавий-маърифий фаолият

Ҳар ойда факультетда ва бириктирилган талабалар турар жойида республиканинг машҳур санъаткорлари, олимлари, шоир ва шифокорлари билан турли мавзуларда давра суҳбатлари ўтказилади. Тарихий хотирани мустаҳкамлаш мақсадида аждодларимиз маънавий меросини ўрганиш билан бир қаторда, ёшларимизга ўз замондошларимизнинг ҳаёт йўли билан таништириш учун учрашувлар ўтказилиб, уларга ҳавас қилиш, намуна олишга ўргатмоқда.

Шунингдек талабаларнинг “Қувноқлар ва Зукколар”, “Иқтисодчи илмий интеллектуал ўйини”, факультет қизлари ўртасида “Бизнес Леди” кўрик танлови, факультетлараро “ЭССЕ” мусобақаларини ўтказиш анъанага айланган. Бундан ташқари факультетда анъанага айланган “Ота-оналар ташрифи” маънавий-маърифий тадбири хар йили ўтказиб борилади.

Факультетда ҳар йили Наврўз байрами нишонланади. Шунингдек хотин-қизлар кенгаши ҳам талаба қизларнинг урф-одатларга риоя қилиши, одоб-ахлоқи бўйича тадбирлар ўтказади. Илгари факультетда ишлаган айни пайтда нафақадаги профессор ўқитувчиларнинг “Меҳр кўзда” рукнида уйларига борилади. Уларнинг аҳволидан хабар олинади. Талабаларда миллий маънавий қадриятларга содиқлиқ руҳида тарбиялаш мақсадида қадимги шаҳарларга, музейларга зиёрат ташкил қилинади.

Ҳамкорлик алоқалари

Ижтимоий фанлар факультети профессор-ўқитувчилари М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Санкт-Петербург давлат университети, Беларус давлат университети, Қозоғистон Миллий университети, Нитра шаҳридаги «Константин Философ» университети,

Эразмус Мундус Еропа ҳамжамияти фонди, STINIT (Швеция)-илмий тадқиқод ва олий таълим соҳаларини молиялаштириш халқаро хамкорлик фонди, IFEAC (Франция)- Ўрта Осиёни ўрганиш илмий тадқиқод институтлари билан кенг доирада хамкорлик ишларини олиб бормоқдалар.

Факультет профессор-ўқитувчилари мунтазам равишда STINIT ва IFEAC илмий лойихалар ҳамда халқаро илмий-амалий конференсияларда мунтазам равишда ўз маърузалари билан иштирок этишади ва SIDA Швеция “Гуманитар фанлар” ҳамда “Файласуф аёллар” (ЮНЕСКО) халқаро эксперт комиссияси аъзолари ҳисобланишади шу жумладан “Психология” кафедраси мудири Дилбар Ғофуржоновна Мухамедова TEMPUS ERASMUS халқаро грант рахбари сифатида фаолият олиб бормоқда.

Ахборот технологиялари ва ресурслари

Факультетда мультимедиа техникаси, дастурларни янгилаш, техник хизматлар ва компьютер таъмирлаш, факультетнинг Интернет саҳифаси материалларини доимий янгилаб бориш, факультет компьютер тармоғининг узлуксиз фаолиятини таъминлаш йўлга қўйилган. Факультетда барча машғулотларни замонавий техника ва технологик имкониятлардан фойдаланиш бўйича зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилган, ўқув аудитория хоналари мультимедиа воситалари ва компьютер техникалари билан таъминланган. Махсус курслар учун услубий материаллар, конференция материаллари, тарқатма материаллар, ўқув-услубий кўрсатмалар, шунингдек факультетнинг турли ҳужжатларини нашр қилиш учун резограф ва сканер қурилмалари ажратилган.

Талабаларнинг фойдаланиши учун факультет кутубхонасида 37 мингдан зиёд, жумладан, 19023 та ўзбек тилидаги, 17 465 та рус тилидаги, 1401 та чет тилидаги ўқув адабиётлар мавжуд.